Муаллиф ҳақида

Инсон ўз ижодий изланишлари асосида ҳам дунёни ўзгартиради, ҳам ўзини ижодкор, кашфиётчи сифатида намоён этади. Яъни, инсон ўз олдига хилма-хил муаммоларни қўяди ва ҳал қилади, уларнинг ўзига хос ечимларини топади. Баъзан бундай ечимларга нисбатан бетакрор ёндашувлар ва сирли усулларни қўллайди. Айни шу маънода, ижодкор шахс деганда юксак қобилият, ҳаётий тажрибага таянадиган теран ақл-идрок , қадриятларни эъзозлаш, ўзгача ҳис-туйғуларнинг ҳаётга сингиб кетиши, ҳар қандай нарсага ва ҳодисага янгича нуқтаи назар, ақл кўзи билан қараш тушунилади.

Ассалому алайкум!

Сиз билан ушбу сайтда дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Шу сайтни танлабсизми, демак Сиз санъатга, ижодга бефарқ эмассиз. Умуман, сайтни очишдан мақсадим тасвирий санъат ва дизайн соҳасидаги шахсий тажрибаларим, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, рисола, қўлланма, шу билан бирга бадиий ижод намуналаримни Сиз билан баҳам кўришдир. Умид қиламанки, ушбу сайтдан барча фойдаланувчилар – тасвирий санъат соҳаси вакиллари, мазкур йўналишда таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар ҳамда ҳаваскор рассом-дизайнерлар ўзлари учун керакли бўлган маълумотларни топишади. Қолаверса, Сиз ҳам ўз ижодий ишларингиз билан шу сайт орқали қатнашиб, бошқалар билан баҳам кўришингиз мумкин.

Фикр ва таклифларингизни info@dominant.uz  электрон почтаси орқали кутиб қоламан.

Ҳурмат билан  Иқболжон Абдужабборов. 

Энди қисқача ўз ҳақимда.

Мен 1978 йил 22 сентябрда Фарғонада туғилганман. Ёшлигимдан тасвирий санъатга қизиқишим туфайли ота-онам Фарғона шаҳридаги 4-санъат мактабига олиб боришган. У ердаги биринчи устозим Татьяна Владимировна эди.

1993 йил Фарғона Санъат билим юртининг «Бадиий безатиш» бўлимига ўқишга кирдим, 1997 йили   аъло баҳолар билан тугатдим. Ўша йили К. Беҳзод номидаги Миллий Рассомлик ва Дизайн институтига ҳужжатларимни топшириб, талаба бўлиш насиб этди. У ерда “Амалий графика” кафедраси ўқитувчиси Фатхулла ака Ҳаитов менга ҳам оталик, ҳам устозлик қилдилар. 2002 йили институтни имтиёзли тамомлаб, ижодий фаолиятимни давом эттирдим.

2005-2012 йиллари Фарғона Санъат коллежининг “Дизайн” кафедрасига асосий ўқитувчи лавозимида ишладим. Коллежда «чизматасвир», «рангтасвир», «лойиҳалаш», «макетни лойиҳалаш», «конструкциялаш», «диплом иши», «диплом олди амалиёти» каби фанлардан ўқувчиларга дарс бердим.

Ҳозирда “Dominant Servis” хусусий корхонасининг ижодий гуруҳ раҳбариман.  Гуруҳимизда бир қатор ижодкорлар йиғилган. Биз бу ерда полиграфия, дизайн, веб-сайт яратиш билан шуғулланамиз.  Ҳа айтганча, уларнинг ижодий намуналари билан сайтимизда танишишингиз мумкин.

Ҳозирча шу, саломат бўлинг!