Муқова – китобнинг юзи, ўзига хос ташриф қоғози. Унга қараб нашр ҳақида илк тасаввур уйғонади. Китоб бозоридаги бугунги кескин рақобат манзарасида айнан муқова пештахталарда ўз ўрнингизни топишингиз ёки рақобатга дош беролмай таслим бўлишингизга замин яратиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, харидор, аввало китобни эмас, унинг муқовасини сотиб олади. Шунинг учун ноширлар «Яхши муқова китоб муваффақиятининг камида 50 фоизини таъминлайди», – деган фикрда якдил.
Муқова – китобхонда маълум ҳислар уйғотадиган санъат асари! Айнан муқовага қараб туриб у китобни ўқиш ёки ўқимаслик қарорини беради. Муқова китобнинг тарихини кўрсатиши, аммо ичида ёзилганларни бутунлай айтиб бермаслиги керак. Муқова туфайли ўқувчида қизиқиш, китобни ўқиб чиқишга рағбат пайдо бўлади. Шу сабабли мен доим ўз ишларимни кичкинагина жумбоқ билан безайман, токи интрига бўлсин, ўқувчида иштиёқ уйғонсин, хаёлида қолсин, шу китоб ҳақида ўйлашга, охири қайтиб келиб уни олиш ва ўқишга мажбур қилсин.
Кўпчилик муаллифлар ёки буюртмачилар китобларининг ташқи кўринишини олдиндан тасаввур қилиб оладилар ва бу масалада дизайнердан кўра билимлироқман деб ўйлайдилар. Китобингизда кўтарилган мавзу бўйича энг яхши мутахассис бўлсангиз ҳам, бу унинг муқоваси борасида ҳамма нарсани биласиз дегани эмас. Камина нашриёт, дизайн соҳасида 20 йилдан ортиқ ишлаб келяпман. Мен билган кўп дизайнерлар мураккаб характерга эга, ўзига бино қўйган ва муросасиз одамлар. Лекин шундай инсонларнинг асарлари натижада ҳаммага манзур бўлади. Чунки уларнинг ўз ишига жон-жаҳди билан киришиб, позициясини эҳтирос билан ҳимоя қилиб, инжиқлик ва қайсарлик билан кўзлаган мақсадига эришиши профессионализми ҳамда ишига нисбатан масъулиятидан далолат беради. Мижоз нима деса бажариб, «менга нима, пулини олсам бўлди-да», – дегич мулойимлардан эҳтиёт бўлиш керак.
Баъзида мен ҳам мижозларга ён беришга мажбур бўламан. Ўзлари истаган, кўнгилларидек муқовага эга бўлсинлар, қалбларида армон қолмасин, дейман-да. Кўп марта ўзимникини маъқуллаб, босим билан бўлса-да ўтказган ишларим охирида кўпчиликка манзур келиб, эътироф қозонган. Аммо мижоз айтганини индамай бажариб берган муқоваларимдан ҳеч бири муваффақиятли чиқмаган.
Дизайнер оригинал бир нарса чиқариши, буюртмачига айнан шу ечим энг маъқул ва оптимал эканини уқдира билиши керак. Менимча, дизайнерга қулоқ солмаган муаллифлар доим ютқизадилар. Кўпинча муаллифларга Фотошопдан сал-пал хабардор ҳолатларида ўзларича чизиб ёки хаёлан яратиб олган муқовалари нима учун заиф, бўш эканини англатолмай хуноб бўламан. Муқова шахсий тасаввурлар ва мулоҳазалар эмас, яхши дид билан профессионал даражада яратилиши керак. Шу сабабли буюртмачиларнинг муқова яралишида энг катта фойдаси дизайнерга халақит бермаслиги деб биламан.