Хусусий ва давлат шифохоналари фаолиятига бир назар (инфографика)

Соғлиқни сақлаш тизимига бу йил давлат бюджетидан жами 20 триллион сўм маблағ ажратилди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағ олдинги йилга нисбатан 1,2 баробар ўсди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасига умумий давлат бюджети харажатларининг 12,2 фоизи ва ялпи ички маҳсулотнинг 2,3 фоизи сарфланганини билдиради. Шунингдек, инвестиция дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳаражатларига 2,04 триллион сўм ажратилган.

давлат тиббиёт муассасалари

Булар эса, мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларнинг кўпайишига сабаб бўлди. 2020 йил 1 октябр ҳолатига кўра, бундай объектлар 5805 тани ташкил этмоқда. Шундан 4751 таси амбулатор ва 1054 таси стационар шароитда фаолият кўрсатмоқда. Республика бўйича 2020 йилда 403 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди, 265 таси фаолиятини кенгайтирди.

давлат тиббиёт муассасалари3

Йил якунига қадар яна 160 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, коронавирус пандемияси даврида хусусий тиббиёт ташкилотлари аҳолининг коронавирус инфекциясидан фориғ бўлишида жонбозлик кўрсатди.

Бугунги кунда 70 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари короновирус инфекцияси бўйича лаборатория хизматлари ва 25 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари диагностика ва даволаш билан шуғулланмоқдалар.

Хусусий тармоқни ривожлантиришда давлат хусусий шериклиги тизими энг самарадор усуллардан ҳисобланади. Шу боис ҳар бир соҳада давлат хусусий шериклиги асосида ташкил этилган объектлар сони йилдан йилга кўтарилиб бориляпти. Жорий йилда мамлакатимиздаги 331 та самарасиз фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасаларининг бўш бинолари ва ер участкалари рўйхати шакллантирилиб, бу ерларда давлат хусусий шериклиги лойиҳаларини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Гемодиализ хизматлари бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилиб, унинг биринчи босқичида тендер савдолари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларидаги 1100 нафар беморни қамраб олган ҳолда ўтказиш белгилаб олинди. Бунда хорижий инвесторлар томонидан 9,8 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритиш кўзда тутилган.

Ўтган даврда Давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та лойиҳалар келиб тушди ва уларнинг 7 таси бўйича қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, 2017-2019 йилларда ўнлаб марказлар, хусусан, онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология, наркология, болалар хирургияси йўналишларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил қилинди. Республика аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказларни сони 20 тага етказилди ва уларнинг ҳудудларда тегишли филиаллари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

org2

Cўнгги йилларда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказида 200 дан ортиқ буйрак, 6 та жигар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 90 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилганлиги туфайли 300 нафарга яқин фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши олди олинди ва 2 млн 100 минг АҚШ долларга тенг маблағ тежаб қолинди.

Ушбу даврда паралелл равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ортириб, кўламини янада кенгайтириш мақсадида Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази  каби бир нечта тиббий марказлар бунёд этилди. Перинатал марказда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайликлар яратилган. Унинг биринчи қаватида кўп тармоқли поликлиника, юқори қаватларида беморлар хонаси ва умумий амалиёт хоналари, жумладан, чақалоқлар реанимация бўлими жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 140 та беморни даволаш мумкин.

давлат тиббиёт муассасалари вариант

Шунингдек, пойтахтимизда замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт маркази қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди. Марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача бемор қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган.

Фарғона вилояти мисолида кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш йўлида бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.  Айниқса, вилоятда хусусий тиббиёт муассасалар сони ҳам кундан-кунга кўпайиб бориши тиббиёт соҳасида соғлом рақобатни юзага келтириб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада кўтарилишига замин яратди.

вилоят тиббиёт муассасалари

Яқинда Фарғона шаҳрида EUROMED клиникаси, Учкўприк туманида эса “BEK ULTRA MED” хусусий шифохоналари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Маҳаллий аҳолига қулайлик яратиш ҳамда сифатли тиббий ҳизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида қисқа муддатда  қад ростлаган мазкур тиббиёт марказларида рақамли рентген, УЗИ ҳамда бошқа замонавий тиббиёт жиҳозлари ўрнатилди.

Замонавий клиникада малакали шифокорлар томонидан кардиология, педиатрия, стоматология, гинекология, терапия, УЗИ-диагностика йўналишларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.

Янги клиникада бир кунда 100 нафардан зиёд беморларни қабул қилиш ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.

сўнгги 5 йилдаги ўсиш динамикаси small

Маълумот ўрнида айтиш зарурки, EUROMED клиникаси болаларда учрайдиган туғма юқори лаб, қаттиқ ва юмшоқ танглай ёриғи, куйгандан кейинги чандиқлар, бошдаги чандиқлар, соч тўкилиши, бир ёки икки томонлама юқори қовоқ туғма шоллиги каби хасталикларни паластик операция йўли билан даволаш, юз-жағ жарроҳлиги ва стомотология йўналишидаги туғма ёки орттирилган бирламчи ва иккиламчи касалликларни бартараф этиш билан шуғулланади.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт тизимини ривожлантириш йўлида бир қатор ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти. Соҳада фаолият юритаётган 70 мингдан зиёд шифокорлар ва кўп сонли ўрта тиббиёт ходимларига зарурий шарт-шароитлар яратиш, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилиб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришилмоқда.

И.Абдужабборов, журналист

“Ўзбекистонда янги давр тиббиётига асос солинмоқда” материалидан фойдаланилди.